«EKOMAKTAB» экология-ресурс маркази.

  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»
  • Эколого-ресурсный центр «EKOMAKTAB»

Марказий Осиёда ёввойи табиат жиноятларига қарши курашишда салоҳиятни ошириш ва кўмаклашиш

User Rating: 5 / 5

Star ActiveStar ActiveStar ActiveStar ActiveStar Active
 

Тошкентда 2024 йил 4-5 март кунлари “Марказий Осиёда ёввойи табиат жиноятларига қарши курашишда салоҳиятни ошириш ва кўмаклашиш” халқаро лойиҳаси бўйича ишчи учрашув бўлиб ўтмоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатлари: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни умумий вазифа – Марказий Осиёда ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан бирлаштирмоқда. Ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ноқонуний савдоси яширин бизнесининг энг даромадли турларидан биридир. Дунё миқёсида ушбу фаолият пул айланмаси бўйича гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ ва одам савдосидан кейин тўртинчи ўринни эгаллаб, йилига қарийб 8,5 миллиард долларни ташкил этади.

Лойиҳа вазифаларининг асосий ташкилотчилари ва ижрочилари – бу Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Fauna and Flora (Буюк Британия) халқаро ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти, “EKOMAKTAB” республика экология ресурс маркази, TRAFFIC халқаро ташкилоти (Буюк Британия), Қозоғистон биохилма-хиллигини сақлаш ассоциацияси. Тажриба алмашиш, ўқув тадбирлари ва ахборот салоҳиятини оширишда фаол иштирок этаётган ҳамкорлар – бу Божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институти ва Ўзбекистон Республикаси прокуратурасидир.

Марказий Осиёда ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосининг салбий оқибатлари дунё бўйлаб барча турларнинг кескин камайишига олиб келмоқда. Жумладан, 1990-йилларнинг охири ва 2000-йилларнинг бошларида сайғоқлар сонининг 90% камайиши; чўл тошбақаларининг бир нечта популяциясининг бутунлай йўқолиши; қор қоплони сонининг, айниқса Марказий Осиё ҳудудида яшаётган турларининг камайиши, шунингдек, қизилмия илдизи, каперс, сассиқ Ферула ва шу каби доривор ўсимликларни ҳаддан ташқари эксплуатация қилиниши ва деярли бутунлай йўқ қилиниши кузатилмоқда.

Ёввойи табиатнинг бундай кенг кўламли “вайронагарчиликлари” шундоқ ҳам заиф тоғ, дашт ва чўл экотизимларининг саломатлиги ва фаолиятига ҳамда уларнинг табиатга асосланган қишлоқ жамоаларида экологик хизматлар кўрсатиш ва турмуш тарзини таъминлаш қобилиятига таҳдид солмоқда, бу эса ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик ва низоларни кучайишига олиб келмоқда. Самарали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг етишмаслиги ҳам кенг жиноий тармоқларга ушбу чекка қишлоқ жойларида фойдаланиш ва амалга ошириш имкониятини берадиган қўшимча заифликларни келтириб чиқаради, бу эса маҳаллий ва минтақавий даражада барқарорлик ва хавфсизликни янада пасайтиради.

Ноқонуний олиб кирилаётган ёввойи табиат объектлари Ўзбекистоннинг бетакрор табиати учун ҳақиқий хавф туғдирадиган инвазив турлардир. Лойиҳа мутахассислари бизнинг дарёларимиз, кўлларимиз, ўрмонларимиз ва даштларимизда инвазив турларнинг таҳдидлари ҳақида ҳам эслатиб ўтмоқдалар. Дарёларимизда йиртқич балиқлар ёки дарахтлардаги питонларни ёхуд аҳоли пунктлари яқинида ёки даштларда ёввойи шерларни тасаввур қилиш қўрқинчли. Эҳтимол, бизнинг шароитларимиз экзотик флора ва фаунанинг баъзи вакиллари учун жуда мос эмас, баъзи масъулиятсиз фуқаролар уларни сотиб олишни ва шахсий уйларида сақлашни хуш кўрадилар.

Аммо инвазив турларнинг мослашиш ҳолатлари маълум ва бунга 20 йилдан ортиқ вақт давомида тўқ йўлбарс рангли питонлар билан “уруш” бўлаётган Флорида штати мисол бўла олади. Ватани Жануби-Шарқий Осиё бўлган бу илонларни АҚШга кўп йиллар олдин экзотик фаунани севувчилар олиб келишган. Баъзи урғочилар террариумлардан қочишга муваффақ бўлишди ва Флориданинг илиқ ва нам иқлими уларнинг тарихий ватанидан ёмон эмас эди. Лекин маҳаллий фауна очкўз ва йиртқич мигрантларга тайёр бўлмаган экан. Экологлар огоҳлантирмоқда: кўплаб маҳаллий турлар йўқ бўлиб кетиш билан таҳдид қилмоқда. Маҳаллий аҳоли илонларни қўлга олиш ва йўқ қилишга уринди, аммо уларни тутиш унчалик ҳам осон эмас экан.  2023 йилнинг баҳорида олимлар Қуёшли штат учун жангда одамлар питонларга ютқазаётганини тан олишди. Питонлар одамлар учун катта  хавф туғдиради. Дунё бўйлаб шунга ўхшаш кўплаб мисоллар мавжуд ва бунга қаршилик кўрсата олиш лозим.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосини аниқлаш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш Марказий Осиё учун жиддий логистика муаммоси бўлиб, идоралар ўртасида салоҳият ва самарали мувофиқлаштиришга катта сармоя киритишни талаб қилади. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон қуруқликда 19 193 км умумий чегарага эга ҳамда чекланган ва турли даражадаги устуворлик билан маблағ ва ресурсларни ажратадилар.

Ёввойи табиат манбалари зоналарида жойлашган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, транспорт йўллари ва ноқонуний маршрутлар бўйлаб ўрнатилган назорат-ўтказиш пунктлари офицерлари зарур билим, ахборот ва технологиялардан камдан-кам фойдаланиш имкониятига эга. Бу эса уларга ёввойи ҳайвонлар савдосига қарши тезкор чора кўриш, бу каби ҳолатларни самарали олдини олиш ва бартараф этиш учун жуда зарурдир.  

СИТЕС конвенциялари рўйхатига киритилган ёввойи табиат объектларини ноёб ва заиф деб аниқлаш бўйича билим ва кўникмаларни ошириш мақсадида бир қатор семинар ва тренинглар ташкил этилди. Ахборот-маълумотномалар ва кўргазмали қуроллар тайёрланди. Ушбу лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар Ўзбекистон Республикаси божхона қўмитаси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идораси, фан ва жамоат экологик ташкилотларининг маъмурий салоҳияти ва ресурсларини бирлаштирган ҳамкорликдаги ишларнинг биринчи ва илғор шакли ҳисобланади.

Марказий Осиёда ёввойи табиатнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш дастури менежери Мэтт Лоутон ўз нутқида Ўзбекистон ҳукуматининг экологик барқарорлик ва хавфсизликни  таъминлашда салмоқли ҳиссасини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, СИТЕС Конвенцияси (ёввойи фауна ва флоранинг йўқолиб бораётган турлари бўйича халқаро савдо тўғрисидаги Конвенция) бўйича мажбуриятларни бажариш шартларини таъминлашда ҳам Ўзбекистон эришган ютуқларга тўхталиб ўтди.

“Биз лойиҳанинг биринчи босқичидан ўтдик ва яхши натижаларга эришдик. Асосий идоралар ўртасида алоқа ўрнатилмоқда, тажриба ва маълумотлар алмашилмоқда, давлат тилларида маълумотнома ва ахборот адабиётлари тайёрланди, изқувар итлар ҳайвонлар ва уларнинг ҳосилалари (шохлари, терилари) билан контрабандани аниқлашга ўргатилмоқда.  Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида трансчегаравий минтақавий ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда, қонунбузарларни аниқлаш, ушлаш, тергов қилиш ва қонуний чора кўриш, прокуратура ва суд салоҳиятини мустаҳкамлаш вазифалари кучайтирилмоқда”, - деди Мэтт Лоутон.

Тошкентдаги ишчи учрашувда лойиҳанинг биринчи босқичи натижаларини лойиҳанинг миллий ҳамкорлари вакиллари билан ўртоқлашиш, эришилган ютуқлар ва олинган сабоқларни муҳокама қилиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси муаммоларини ҳал қилишнинг кейинги босқичларини аниқлаш ва СИТЕС Конвенцияси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишига кўмаклашиш вазифаси қўйилди. 

Ушбу вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сонли “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда ПҚ-171-сонли “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган мақсадларга жавоб беради. 


Янгиликларга обуна бўлиш

© 2024 EkoMaktab. All Rights Reserved.